Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар Тошкентда Chevening стипендиялар дастури бўйича Британия олийгоҳларида ўқиш сертификатларини қўлга киритган бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассисларни қабул қилди.

Chevening дастури Буюк Британия ҳукуматининг халқаро стипендияси бўлиб, ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилади. Дастур доирасида дунёнинг турли бурчакларидан мутахассислар саралаб олиниб, Британия олийгоҳларида магистратура босқичида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритади. 1994 йилдан буён ушбу дастур асосида 200га яқин ўзбекистонлик мутахассис Британияда таълим олди.

Жорий йилда стипендия олиш учун қўйиладиган талабларни 8 нафар ўзбекистонлик мутахассис бажарди. Улар Лондон, Ноттингем, Бирмингем, Кардифф, Эссекс ва Редингда жойлашган етакчи университетларда магистратура босқичида таълим олади. Ўзбекистонлик мутахассислар юриспруденция, иқтисодиёт, инглиз тили таълими, ахборот технологиялари, иқлим ўзгаришлари ва иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви соҳаларида таълим олади.