Қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг савдо вакиллари 2015 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Инвестициялар вазирлигининг Экспорт ва инвестициялар миллий агентлиги — KAZNEX INVEST хабар қилди.
KAZNEX INVEST Ўзбекистонга ташрифни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этади.
Делегация таркибидан машинасозлик, кимё, қурилиш, фармацевтика, озиқ-овқат, металлургия соҳаларининг 20та ишлаб чиқарувчиси вакиллари ўрин олган.
Ташриф жараёнида Ўзбекистоннинг улгуржи савдо ва дистрибьюторлик компаниялари билан маҳсулотларни етказиш тўғрисида музокаралар олиб борилади. Шу билан бир қаторда, қозоқ маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистоннинг давлат харидларида Қозоғистон компанияларининг иштирокини таъминлаш бўйича давлат ташкилотлари билан музокаралар олиб борилади.
Мазкур ташриф KAZNEX INVESTнинг Тошкентда ўтказган иккинчи шу кўринишдаги тадбири ҳисобланади. Биринчи савдо миссияси чоғида 16та Қозоғистон компанияси иштирок этиб, 7 миллион долларлик шартномалар имзоланган эди.