Россияда илк бор саратондан даволаниш курсини тўлиқ ўтаган аёл фарзандли бўлди

Жамият 25 Август 2015 2188

Россияда илк бор саратондан даволаниш курсини тўлиқ ўтаган аёл фарзандли бўлди. Фарзанд кўришга кўмак берувчи технология Обнинскдаги тиббий радиологик илмий марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Ушбу ишланмада дунёда илк бор витрификация — тўқималарни тезда музлатиш усули қўлланилди. Бу ҳақда марказнинг янги тиббий технологиялар бўлими раҳбари Марина Киселёва ТАСС нашрига маълум қилган.

“Бемор 2010 йилда Обнинскдаги радиологик марказга қалқонсимон без саратони билан мурожаат қилган эди. Унга “саратоннинг тўртинчи босқичи” ташхиси қўйилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг аёлнинг фарзанд кўриш салоҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи радиойодотерапия ўтказилди. Бундан аввал эса унинг тухумдонидан генетик материал олиниб, дарҳол музлатиб қўйилди (витрификацияланди)”, дейди Киселёва.

Орадан уч йил ўтиб, аёлдаги саратоннинг қайталаниш хавфи бўлган давр ниҳоясига етди ва унга тухумдон вазифасини тикловчи соғлом тўқималари қайта ўтқазилди. Натижада аёл тухумдонига етишган тўрт эмбрион олиниб, уларнинг иккитаси ЭКО усулида уруғлантирилди. Қолган иккиси эса аёл яна ҳомиладор бўлиш истагини билдирган тақдирда фойдаланиш учун музлатиб қўйилди.

28 ёшли аёл 19 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиёти ёрдамида ўғил фарзандини дунёга келтирди. Гўдакнинг вазни 3400 грамм, бўйи эса 52 сантиметр, саломатлиги борасидаги барча кўрсаткичлар меъёрида.

Кўпроқ янгиликлар