Ростов ҳарбий суди украиналик режиссёр Олег Сенцовни Қримда терактлар тайёрлашда айбдор деб топди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар бермоқда.
Сенцов 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жазони режиссёр оғир режимли колонияда ўтайди.

У террорчи ташкилот яратиб, унга бошчилик қилишда, иккита теракт ташкил этиш ва яна биттасини тайёрлашда, қурол-яроғ харид қилиш, сақлаш ва фойдаланишда айбланмоқда.
Унинг шериги Александр Кольченко ҳам айбдор деб топилиб, ахлоқ тузатиш колониясида 10 йиллик жазо ўтайдиган бўлди.
“Ўнг сектор”нинг диверсион гуруҳи аъзолари деб ҳисобланаётган Сенцов, Кольченко, Геннадий Афанасьев ва Алексей Чирнийлар 2014 йилнинг 30 май куни Қрим ҳудудида Россия федерал хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган эди.

Таъкидланишича, жиноий гуруҳ бир қанча терактлар уюштирган, шунингдек, турли гуруҳларнинг тўқнашувларида иштирок этган. Жумладан, 9 май куни Симферополдаги Ленин ҳайкали ва Мангу олов мемориалини портлатишга, шунингдек, шу шаҳарда жойлашган “Қримнинг рус жамоати” ташкилоти ҳамда “Единая Россия” партиясининг Симферополь бўлинмаси офисларига ўт қўйишга тайёргарлик кўрган.
Чирний апрель ойида айбдор деб топилиб, 7 йилга қамалган эди.