Қорақалпоғистондаги Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи жамоаси собиқ директор Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилганига норозилик билдирди. Норозилик хати музей сайти ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.

«Музей асосчиси таваллудининг 100 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари арафасида директоримизнинг ишдан ноқонуний бўшатилганига жамоатчилик эътиборини жалб қилмоқчимиз. Жамоа рўй бераётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан келиша олмайди», — дейилади музейнинг Фейсбукдаги саҳифасида.

«Савицкий номидаги санъат музейи жамоаси хориж матбуотида эълон қилинган туҳмат хатдан қаттиқ ғазабланган. Унда келтирилган далиллар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидланади жамоанинг Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов номига ёзган хатида.

Жаҳонга машҳур музей ходимлари Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан мавжуд вазиятни ўрганиб чиқишни, директорни бадном қилмоқчи бўлган хат муаллифини аниқлашни ва уни жавобгарликка тортишни илтимос қилади.

Ходимлар музей фондларини хатловдан ўтказиш тартибининг бузилганлик ҳолатлари бўйича ҳам тергов ўтказиш ҳамда музей коллекцияси эскпонатларини алмаштириб қўйиш ва ўғирлашга оид айбловларни текшириш учун эксперт комиссияси тузишга чақирган.
Маълумот учун, Мариника Бабаназарова ушбу музей директори сифатида 1984 йилдан буён ишлаб келган.
Қайд этиш жоизки, Савицкий музейи ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган "Хоразм олтин ҳалқаси" туристик йўналишидаги объектлар сирасига кирган. Музей 2011 йилда Ўзбекистондаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган музейлардан бири сифатида «Сайёҳлар эътиборини қозонган музей» мукофоти билан тақдирланганди.