Япон фонд биржаси пасайишда давом этмоқда. Гонгконг, Жанубий Корея ва Австралия биржа индекслари эса яқиндагина кескин пастлашиб кетганидан сўнг нисбатан ўзини ўнглаб олди.

Хусусан, Nikkei 225 индекси 4 фоизга пастлаб, 17806 пунктни ташкил этди. Гонгконгнинг Hang Seng индекси эса 0,7 фоизга ўсиб, 21407 пунктга етди. Жанубий Кореянинг KOSPI кўрсаткичлари 0,92 фоиз ёки 1,846 пунктга ошди. Австралиянинг S&P/ASX 200 индекси эса 2,72 фоиз ёки 5,137 пунктга қадар ўсди.

Ўтган тўртта сессия вақтида Shanghai Composite 19 фоизга пастлаб, 1996 йилги минимумни қайд этди.

“Биз фонд бозорида саросимани кўраяпмиз. Хитой ҳукумати бозорни қутқаришга ҳаракат қилмаяпти. Қулаш эса минтақадаги бошқа фонд биржаларига ҳам тарқалмоқда”, – дейди Huaxi Securities таҳлилчиси Вэй Вэй.

Сешанба, 25 август куни Хитой биржаларида 17 фоиз компаниялар акциялар савдоси тўхтатилди, дейилади Bloomberg хабарида.

Молиявий инқирозга қарамасдан, Japan Airlines акциялари 3,8 фоизга, Mitsubishi UFJ Financial акциялари эса 3,6 фоизга қимматлаган.