Америкалик стоматолог томонидан Сесила лақабли машҳур шер отиб ташланиши туфайли дунёга танилган Зимбабвенинг Хванг миллий боғида Нксаха лақабли шер йўлбошловчининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Боғ маъмуриятининг маълум қилишича, йўлбошловчи жониворлар шарпасини сезганидан сўнг шерлар қўналғасига яқинлашган. Уни пайқаган эркак шерлардан бири экскурсоводга ташланиб, қаттиқ жароҳатлаган. Оқибатда йўлбошловчи ҳаётдан кўз юмган.

Аввалроқ Зимбабве президенти Роберт Мугабе мамлакат аҳолиси қаршисида сўзга чиқиб, мамлакат рамзларидан бирига айланган Сесила шерининг ўлимига сабаб бўлган “хорижлик вандаллар”ни танқид қилган эди.