Сурхондарё вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан октябрга қадар аҳолига 70 минг газ баллонлари етказиб берилиши режалаштирилган. Улардан 50 мингтаси аллақачон истеъмолчиларга етказилган. Бу ҳақда “Правда Востока” газетаси хабар бермоқда.

“Газ қувурларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича режали тадбирлар ўтказилмоқда, - деди “Сурхондарёгаз” бошқармаси муҳандиси Алишер Саъдуллаев. – Табиий газ баллонларига суюлтирилган газ қуювчи шохобчаларни қурадиган пудрат ташкилотлари аниқланди. Бу ишларни “Ўзтрансгаз” АЖ молиялаштиради”.

Айтилишича, вилоятда бугунги кунда бундай шохобчалардан 5таси ишлаб турибди. Бундан ташқари, “Жанубгазтаъминот” унитар корхонаси JV Man Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси билан суюлтирилган газ ташийдиган 12 автоцистерна, Самарқанд автомобиль заводи билан эса баллонлар ташийдиган 14 машинага шартнома имзолади.