GEFCO Group индустриал логистика корпорациясининг GEFCO Baltic бўлинмаси Германиянинг юк автомобиллари, автобуслар ва тижорий транспорт ишлаб чиқариш бўйича етакчи компанияси – MAN билан шартнома имзолади. Латвия матбуотининг хабар беришича, шартномага биноан GEFCO махсус мультимодал ечимдан фойдаланган ҳолда MAN эҳтиёт қисмларини компаниянинг Германия ва Австриядаги заводларидан Ўзбекистонга етказиб беради.

Лойиҳа 2014 йил апрелида бошланган эди. Кўрсатилган хизматлар сифатини юқори баҳолаган MAN шартномани узайтиришга қарор қилди.
Шу йилнинг апрелидан кейинги йилга қадар Германиядан 800, Австриядан 50 контейнерда юк Ўзбекистонга олиб келинади.

GEFCO бош директори Мартинас Кершис шартноманинг узайтирилишига муносабат билдирар экан, ушбу лойиҳанинг энг мураккаб томони қисқа муддатда контейнерларни манзилга етказиш шарт эканлигини айтди: “Шуни ҳам эътиборга олайликки, юк етти давлат чегарасидан ўтиши керак.

Германия ва Австрия омборхоналаридан юкни Ўзбекистонга етказиш учун биз қуруқликда, денгиз ва темир йўл транспортини мувофиқлаштириб борамиз, шунингдек, 13 пунктда божхона расмиятчилигини амалга оширамиз”.
2014 йилнинг апрелидан 2015 йил мартига қадар компания Германия ва Австриядан Ўзбекистонга 972 контейнерни етказиб берди.