АҚШ президенти Барак Обама Токиодан WikiLeaks сайтида эълон қилинган Америка махсус хизматларининг япон амалдорлари ортидан жосуслик қилгани ҳақидаги маълумот туфайли узр сўради.

“Президент Обама мазкур иш Японияда катта муҳокамаларга сабаб бўлганидан афсусда эканини айтди”, — дея қайд этди Япония бош вазири Синдзо Абэ.

Обама Синдзо Абэ билан бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида ўз узрини билдирган. Шу билан бирга, икки мамлакат вакиллари котировкаларнинг тушиб кетиши билан боғлиқ равишда давлатлар ўртасидаги молиявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.

Аввалроқ АҚШ вице-президенти Жо Байден билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида Абэ уни япон ҳукуматининг Америка махсус хизматлари томонидан кузатилгани ҳақида Wikileaks сайтида эълон қилинган маълумотлар юзасидан текширув олиб боришга чақирган эди.