Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 23-25 август кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони мутасаддилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, ўз инновацион ғоя ва ишланмаларини илгари суриб келаётган энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассислар иштирок этдилар.

Форумда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 1991 йил ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни тўла шакллантирди. Натижада ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар  бошқа соҳалар билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари ҳам мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бугун Ўзбекистонда бошқа мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш – ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришиш имконини бермоқда. Хусусан, республикамизда энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари томонидан ҳам ўқувчи ва талабаларни, корхона, ташкилот ва муасасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда учинчи маротаба ўтказилаётган “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми ҳам айни шу мақсадларга қаратилгандир.

Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 6 миллиондан зиёд касаба уюшма аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини талаба ва ўқувчилар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини тўлақонли таъминлашда  Ўзбекистон Респуцбликаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувларга, шунингдек, корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган алоҳида меъёрлар ва қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар киритилгани айни муддао бўлмоқда. Натижада, жамоа шартномалари орқали бугун ёш мутахассислар ва  ходимларга уй-жой қурилиши ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилмоқда. Талабалар учун контракт пулларини қоплаб бериш, ёшларни корхонада етарли тажриба ва обрўга эга бўлган ишчи-ходимларга бириктириш, ёш мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшма стипендияси билан таъминлаш каби қўшимча имтиёзлар амалга оширилмоқда.

Бу йилги Форум аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилди. Мазкур Форумда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар, олим ва тадқиқотчилар иштирок этдилар. Форум доирасида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилиб, унинг қуйи босқичларида 16 та номинация бўйича 5 минг нафардан ортиқ ёш мутахассис  қатнашди. Танловнинг Республика-тармоқ босқичига эса 210 нафардан ортиқ ёш мутахассислар йўлланма олиб, улар орасидан 48 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди. 16 та номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ёш мутахассислар «Ёш мутахассислар» III республика Форумида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди. Мазкур Форум ва унинг доирасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассисларнинг янги инновацион ғоя ва ишланмалари ҳамда илмий кашфиётлари муносиб рағбатлантирилиб, амалиётга татбиқ этилишига кўмаклашилди.

 “Ёш мутахассислар” III Республика Форуми аввалида ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш масалалари юзасидан давра суҳбати ташкил этилди. Шундан сўнг Форум иштирокчилари ёш мутахассислар фаолиятига оид кўргазма билан танишдилар.