Польшадаги Бзура дарёсида 1945 йилнинг январида уриб туширилган собиқ иттифоқ самолёти ва унинг икки учувчиси қолдиқлари аниқланди, дея хабар берди The Associated Press.

Самолёт фюзеляжи бир неча қисмларга бўлинган, унинг модели эса батафсил текширувлардан сўнг аниқланади. Бироқ самолётнинг собиқ иттифоққа тегишли эканига шубҳа йўқ. Чунки унинг бортида рус тилидаги ёзувлар, совет парашюти қолдиқлари, учувчилар либоси парчалари, уларнинг қуроллари ва радио сақланиб қолган.

Висла музейи директори Зджислав Лещиньскийнинг хабар беришича, мазкур ҳудудда 1945 йилларда истиқомат қилган кишилар самолётнинг немис артиллерияси томонидан қандай уриб туширилганини яхши эслашади.