Россия Давлат Думаси раисининг ахборот сиёсати бўйича биринчи ўринбосари Вадим Деньгин хорижий интернет сервислардан фойдаланган амалдорларни жазолаш фикрини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Русская служба новостей” агентлиги хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Владивостокда ўтказилган йиғилиш чоғида Google, Yahoo ва WhatsApp сингари хорижий интернет сервислардан фойдаланиб келаётган амалдорларни танқид остига олди. Унинг фикрича, амалдорларнинг хизмат масалаларида хорижий ресурслардан фойдаланиш жиддий хавф туғдириши мумкин.

“Дастурий таъминотни бошқарувчи одам ундан фойдаланувчиларни ҳам бошқаради. Патрушев жиддий муаммони кўтарди. Ўзимизникини яратишимиз керак. Масалан, Хитойда аллақачонлар шундай йўл тутишади, биз эса ҳалигача ўйлаб ўтирибмиз. Ҳозироқ бошлаш керак!”, - деди Деньгин.