26 август куни Қатарнинг “Ал Жайиш” клуби янги мавсум олдидан ўзининг яқинда харид қилган футболчиларини оммага таништирди.

Ўзбекистонлик Сардор Рашидов ҳам айнан “Ал Жайиш” жамоаси билан уч йилга мўлжалланган шартномага имзо чеккани ҳақида аввалроқ хабар қилинганди.

Ушбу клубнинг Дуҳайдаги ўз қароргоҳида янги мавсум олдидан харид қилган янги ўйинчилари тақдимот қилинган маросимда жамоа устози Сабри Ламуши ҳамроҳлигида Сардор Рашидов ва марокашлик Абдул Раззоқ Хамдалла ҳамда маҳаллий футболчилар Усмон ал Халифа Яҳри ва Абу Бакр иштирок этишди.

Тадимот маросимида нутқ сўзларкан, таниқли француз мутахассиси Ламуши Сардор Рашидовга катта умид боғлаётганини таъкидлади.

"Рашидов – юксак маҳорат соҳиби. Буни у сўнгги вақтларда собиқ клуби ва терма жамоаси сафида намойиш этди. Биз бежизга уни таркибга жалб этмадик. Сардорнинг истеъдодига шубҳамиз йўқ. Ишончим комил, янги мавсумда у “Ал Жайиш”нинг муваффақиятларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олади", - дейди “Ал Жайиш” бош мураббийи.