Афғонистон ҳудудида ҳукумат қўшинларининг Толибон жангарилари билан тўқнашувлари Тожикистон раҳбариятини ташвишга солмоқда. Шу туфайли Афғонистон билан ўтган чегараларни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Айтилишича, Хатлон вилоятининг Фархор туманида истиқомат қилувчи аҳолига тез-тез отишмалар эшитилиб туради, шунингдек, ҳарбий самолётларнинг учиши ва жангарилар позицияларига зарбалар бериши қўшни Тожикистон аҳолисининг тинчлигида акс этмай қолмайди.

Чегарачилар аҳолини чегара зонасидан узоқроқда бўлишга чақирмоқда. Хусусан, чегарага яқин жойлашган Жайрали қишлоғи аҳолисига эҳтиёт чораларини кўриш ва тунги вақтда кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Ушбу қишлоқда жойлашган айрим уйларнинг деворларида ўқ излари бор.

“Отишмалар одатда тунги соат 12:00дан кейин бошланади ва эрталабгача давом этади, - дейди қишлоқда истиқомат қилувчи фуқаро Феруза Ҳамидова. – Афғонистон Толибон назоратига ўтса, вазият янада оғирлашиши мумкин”.
Қишлоқ яқинида чегарачи ҳарбийлар траншеялар қазиб, чегара бўйлаб танклар жойлаштирмоқда.

Ўз навбатида, Афғонистон қўшинлари жангариларга қарши курашда бир қатор муваффақиятларга эришмоқда. Жумладан, яқинда хабар қилинишича, Фархор билан чегарада жойлашган Даркад туманида (Тахор вилояти) жангарилар сиқиб чиқарилди. Айни пайтда Толибон кучлари Тожикистон чегарасидан 100 км нарига суриб ташланган.

Ўнлаб жангарилар йўқ қилинди. Хусусан, Бадахшонда йўқ қилинган 8 жангарининг 2 нафари қўмондонлар бўлган.
Афғонистон хавфсизлик кучларининг Тахор вилояти бўйича командири Ҳалил Асирнинг сўзларига қараганда, тожикистонлик ҳамкасблар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Муаллиф: Элдор Асанов