2015 йил 20 август куни Тошкент шаҳридаги собиқ “Она ва бола” тиббиёт маркази яқинида йўловчи автобуси иштирокида рўй берган йўл ҳаракати ҳодисаси оқибатида икки қиз ҳаётдан кўз юмган эди. Уларнинг ота-онаси ва яқинлари адолат юзага чиқиб, айбдорлар ўз жазосини олишига умид билдирмоқда.

Gazeta.uz интернет нашрининг маълум қилишича, бахтсиз ҳодиса соат 20:50да Буюк ипак йўли ва Шўртепа кўчалари ўртасида жойлашган даҳада дўкондан ширинлик харид қилиб қайтаётган Елане, Мадина ва Юлия исмли қизлар билан содир бўлган. Йўлни икки қисмга ажратиб турган чизиқлар устида автоуловлар ўтишини кутиб турган Елане ва Мадинани катта тезликда бошқа автобусни қувиб ўтишга уринган ISUZU русумли автобус ҳайдовчиси уриб юборган. Аслида эса ушбу кўчада бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланган бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳодисадан сўнг кўчага конфетлар сочилиб кетган.
Бу ерда пиёдалар ўтиш йўли жуда узоқ масоларда жойлашгани учун аҳоли тез-тез кўчани кўкаламзор ҳудудлар орқали кесиб ўтади. Ҳайдовчилар эса кўп ҳолларда йўл ҳаракати белгиларини инкор этиб, тезликни оширади, бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтишга уринади.

Ўз дугонасини автобус ғилдираклари остида қолмаслиги учун уринган Мадина ҳодиса жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмган, Алена эса ТТЗ мавзесидаги Республика илмий жарроҳлик марказида унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган шифокорлар қўлида жон берган.

Ҳодисага гувоҳ бўлган учинчи қиз — Юлия эса айни пайтда асабий шок ҳолатида.
Мадина пойтахтдаги 120-умумтаълим мактабини тугатиб, Алоқа коллежига қабул қилинган эди. Елане бўлса Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежини тамомлаб, Миллий университетга кириш учун имтиҳонларни топширганди. Уларнинг ёши 16 ва 19да эди, дейилади хабарда.

Ҳодисани содир этган автобус ҳайдовчиси қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларини ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қизларнинг қариндош ва яқинлари адолат қарор топиши ва ҳайдовчига тегишли жазо берилишига умид билдиришмоқда. Улар вафот этган жойдаги дарахтларга эса қизил гул шохчалари илиб қўйилган.

“Биз бу маълумотларни тергов жараёнига босим ўтказиш учун эмас, балки бошқаларга тўғри хулоса чиқаришлари учун тақдим этмоқдамиз”, дейилади хабарда.