Жиззах вилоятининг Зомин туманида йилига 200 минг дона компьютер монитори ишлаб чиқариш қувватига эга хорижий корхона ишга туширилди.

Туман марказидаги Халқобод маҳалласида жанубий кореялик ишбилармонлар томонидан “TRUST ELECTRONICS” масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилган корхонада 70 янги иш ўрни яратилди. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислар ҳисобланади.

Корхонанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

"Маҳалламизда мана шундай замонавий корхона ташкил этилгани жуда яхши бўлди. Маҳалламизда мутахассислигим бўйича ишлаётганимдан хурсандман. Ҳамкасбларимнинг кўпчилиги мен каби ёшлар. Биз ишлаб чиқарган маҳсулотлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сотилишини ўйласам, фахрланиб кетаман", – дейди Зомин саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шаҳноза Бозорова.

Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, келгуси йил ишлаб чиқариш қуввати тўлиқ ўзлаштирилади. Бу, ўз навбатида, яна 150 дан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.