Қозоғистондаги Vesti.kz интернет нашри "Астана" клуби ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиққач, қанча даромад олганини ҳисоблаб чиқди.

Унга кўра, қозоғистонликлар ЕЧЛ саралашининг икки босқичидан ўтгани учун 700 минг евро олади. Гарчи плей-офф босқичи учун мукофот пули кўзда тутилмаган бўлса-да, "Астана" гуруҳ босқичида иштирок этиш орқали автоматик тарзда 12 миллион евролик даромадни нақд қилиб қўйди.

Таъкидлаб ўтиш лозим, "Астана" бу даромадни янада ошириши мумкин. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги битта ғалаба учун 1,5 миллион евро мукофот кўзда тутилган. Дуранг учун эса 500 минг евро берилади. Қолаверса, "Астана" ЕЧЛ гуруҳ босқичи иштирокчиси сифатида маркетинг ҳуқуқидан ҳам ўз улушига эга бўлади. Трансляциялар савдосидан келиб чиқиб, жамоага маълум фоиз берилади.

Эслатиб ўтамиз, УЕФА фақат мавсум якунига етгач, жамоалар ишлаб топган пулни тақсимлайди ва ҳисоб-рақамларига ўтказади. Демак, "Астана" ўз пулини 2016 йилнинг ёзида қўлга киритиши мумкин.

Таъкидлаб ўтиш лозим, "Астана" - Қозоғистон футболи тарихида илк бора Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.