Грециянинг ҳукмрон СИРИЗА партиясини депутатлар тарк этишда давом этмоқда. Партиядан яна 53 нафар депутат янги шакллантирилган “Халқ бирдамлиги” фракциясига ўтиб кетди. Бу депутатлар халқаро кредиторлар билан учинчи ёрдам пакети бўйича келишувни тан олишдан бош тортишган

Бир ҳафта аввал СИРИЗАнинг сўл қанотидан 25 депутат “Халқ бирдамлиги” янги фракциясини шакллантирган эди. Фракцияга Панайотис Лафазанис бошчилик қилмоқда, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Янги фракцияни шакллантирган депутатлар Алексис Ципрас ҳукуматини Партия марказий қўмитаси билан маслаҳатлашмаган ҳолда муддатдан аввалги сайловлар ўтказиш ҳақидаги қарорини танқид остига олишди. Шунингдек, улар ҳукумат партия дастури ва сайловолди мажбуриятларига зид ҳолда европалик кредиторлар билан қарзларни тўлаш бўйича янада кескинроқ шартларга рози бўлганлигидан норози бўлишмоқда.

Янги партия депутатлари 5 июлдаги референдумда кредиторларнинг ультиматумига “Йўқ” деб жавоб берган Греция халқининг манфаатларини ҳимоя қилмоқчи. Халқ депутатлари кредиторлар билан барча келишувларни бекор қилиб, мамлакатда “миллий-демократик суверенитет”ни тиклашмоқчи.