ИШИД гуруҳи жангарилари Ливияда охирги бир неча ҳафта давом этган тўқнашувлар натижасида Сирт шаҳри яқинидаги қирғоқнинг 200 км участкасини эгаллашди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Бернардино Леон хабар берди.

“Кенгаш олдида июль ойининг ўрталарида ҳисобот берганимда ИШИД Ливиянинг марказидаги стратегик жиҳатдан муҳим ўринда жойлашган Сирт шаҳри устидан назоратни қўлга киритганини маълум қилган эдим, - деди у халқаро ташкилот Хавфсизлик Кенгашидаги чиқишида. – Энди улар Сиртдан шарқ ва ғарбга чўзилган қирғоқнинг 200 км участкасини ҳам назоратга олишди”.

Унинг сўзларига қараганда, 11 август куни қуролли гуруҳлар радикалларни Сиртдан суриб чиқармоқчи бўлишган, аммо орадан уч кун ўтиб, ИШИД шаҳарни яна қўлга олган.
“Қурбонлар сонини аниқ айтиш қийин, лекин гувоҳлар ИШИДнинг қасос олиш учун кўплаб ҳужумлар уюштираётганини айтмоқда”, - қўшимча қилди Леон.
У ИШИДнинг Ливияга солаётган таҳдиди “реал ва жиддий” эканлигини, Ливия хавфсизлик кучлари ва кўнгиллилари буни яхши англаб турганини таъкидлади.

“Аммо биз бир нарсани тушунишимиз керак. ИШИД таҳдидини йўқ қилиш бўйича бирорта стратегия, агарда у уюшган кучларнинг яхши режалаштирилган хатти-ҳаракатларининг бир қисми бўлмаса, етарли даражада самара бермайди”, - хулоса қилди Леон.