2015 йил 10 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, эндиликда кексалар, нафақа белгилаш учун иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлари ҳам четдан парваришга муҳтож кексалар ва ногиронлар тоифасига мансуб бўлади. Бу ҳақда 26 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қарор қабул қилинишидан муқаддам фақатгина яқин қариндоши ва васийлари бўлмаган нафақахўрлар (ёши ва ногиронлигига кўра пенсия олувчилар) ёлғиз кишилар деб ҳисобланар эди. Энди эса кексалар, пенсия белгилаш учун иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлари ҳам ёлғиз ҳамда ўша ёрдам ва хизматларни олишга ҳуқуқи бор деб ҳисобланади. Бундан ташқари, қариндошлари вояга етмаган ёки четдан парваришга муҳтож бўлган I ва II гуруҳ ногиронлари ёки кекса кишилар бўлганлар ҳам четдан парваришга муҳтож кексалар ва ногиронлар тоифасига мансуб бўлади.

Ҳозирги пайтда юқорида зикр этилган ижтимоий ёрдам оладиган ёлғиз пенсионерлар сони, тахминан, 5500 кишидир. 2016 йил январидан янги тартиб кучга киргач, ушбу имтиёзлардан фойдаланувчи кишилар сони 7000 нафардан ошади.

Қарор бўйича жорий қилинаётган тартибга кўра, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя марказлари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш идоралари масъул ходимлари ёрдамга муҳтож кексалар ва ногиронларни аҳолини хабардор қилиш ва уйма-уй кириб чиқиш йўли билан аниқлаб, бундай ҳуқуққа эга бўлган ҳар бир эҳтиёжманд кишини ижтимоий ҳимоянинг барча турлари билан таъминлаш учун жавобгар бўлади. Бу ўринда фақатгина Меҳнат ва аҳолини ижтимой муҳофаза қилиш вазирлиги эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва бошқа идоралар кўрсатадиган хизмат ва ёрдамлар ҳам назарда тутилмоқда.