Польшаликлар Иккинчи жаҳон уруши даври нацистларига тегишли олтинлар ортилган поездни топишди

Жаҳон 27 Август 2015 8235

Польшанинг Валбжиха шаҳри ҳукумати шаҳар атрофидаги ҳудуддан Иккинчи жаҳон уруши даврига оид поезд топилгани, бу поездда Учинчи рейх ҳарбийларига тегишли бўлган олтинлар борлиги ҳақида маълум қилди.

The Independent нашрида ёзилишича, шаҳар ҳокимиятига адвокатлардан бири мурожаат қилиб, ўз мижозлари бу поездни аниқлашгани ҳақида айтган.

"Расман тасдиқлайман, шаҳримиз ҳудудидан шундай поезд топилди", дейди шаҳар мэри ўринбосари Зигмунт Новачек.
Қайд этилишича, бу поезд Иккинчи жаҳон уруши охирида Вроцлав шаҳридан Валбжиха шаҳрига йўл олгач, йўқолиб қолган.

Бу ҳақда маълум қилган адвокатнинг айтишича, поезд жойлашган ўринни аниқлаган мижозларига поезддаги бойликлардан 10 фоизи улуш сифатида берилиши керак.

Маълум бўлишича, Валбжиха шаҳри атрофида немис фашистлари томонидан қурилган ерости туннели мавжуд бўлиб, халқ орасида ҳам йўқолиб қолган поезд ҳақида афсоналар юрган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Германия Польшани босиб олгач, бу мамлакатдан ва халқдан жами 550 млн доллар миқдоридаги олтинларни товон сифатида олиб кетган.

Иккинчи жаҳон уруши якунлангач эса, иттифоқчи қўшинлар бу бойликларнинг асосий қисмини қайтаришган, бир қисми эса халқаро банклар орқали бир қанча шахс томонидан ўзлаштирилган.

Кўпроқ янгиликлар