Қатар давлат авиакомпанияси Халқаро меҳнат ташкилотининг танқидидан сўнг аёлларни ишга қабул қилиш шартларини енгиллаштирди.
Июнь ойида БМТ- ХМТ тизимидаги ихтисослашган комиссия ҳисобот тайёрлаб, унда авиакомпания стюардессаларнинг меҳнат ҳуқуқларини поймол қилаётганини таъкидлади.

Ҳисоботда айтилишича, ходималар ҳомиладор бўлган пайтда компания уларни ишдан бўшатиш ёки бошқа ишга ўтказиш ҳуқуқини ўзида қолдирди. Шунингдек, компания аёлларнинг туғруқ таътилига чиқишига имконият бермайди.
Авиакомпания устидан шикоят ХМТга ўтган йилнинг июнида келиб тушди. Халқаро экспертлар гуруҳи шикоятни ўрганиб чиқди.

Аёллар Qatar Airways’нинг барча экипажлари аъзоларининг (7 минг ишчи) 80 фоизлик улушни ташкил қилади.
Яқинда компания президенти ўринбосари Россен Димитров аёлларнинг ишга ёлланиш ва меҳнат шартлари бир қадар енгиллаштирилганини тасдиқлади. Шунингдек, у ХМТ ҳисоботида акс этган бошқа ҳолатлар ҳам кўриб чиқилишига ваъда берди.

“Авиакомпания улғаймоқда, ишчи кучи билан бирга. 35 ёшли инсондан оила қурмасликни талаб қилиш мумкин эмас. Биз ходимларимизни ушлаб қолмоқчимиз”, - таъкидлади Димитров.
Qatar Airways яқин 2 йилда экипаж аъзоларини яна 6 минг кишига кўпайтириб, авиапаркни кенгайтиришни режалаштирмоқда.