Россия молия вазири Антон Силуановнинг фикрича, жаҳон молия бозорларининг пасайиши Хитой иқтисодиётидаги вазият ва нефтнинг талабдан кўплиги билан боғлиқ бўлмоқда.

“Охирги кунларда жаҳон молия ва хомашё бозорларида ўзгарувчанлик кучайди. Биз фонд индексларининг 10 фоизга пасайганини кўришимиз мумкин. Хомашё маҳсулотларига нархлар тушиб кетди, валюталар кучсизланди, айниқса биринчи навбатда хомашё экспорт қилувчи ривожланаётган давлатларда”, деб айтди Силуанов Россия президенти Владимир Путиннинг ҳукумат аъзолари билан учрашуви пайтида. 

У қандайдир аниқ давлатларни айтиб ўтмади, бироқ валюталарнинг кучсизланиши 5 фоиздан 15 фоизгача қайд этилганини таъкидлаб ўтди. “Бунга сабаб Хитой иқтисодиёти суръатлари мавҳумлигининг ўсиши. Хитой иқтисодиёти жаҳон талабига, шу жумладан хомашё маҳсулотларига талабларга таъсир қилувчи энг йирик иқтисодиётлардан ҳисобланади”, деб айтди Силуанов.

Силуанов, шунингдек, нефтнинг керагидан кўп қазиб олиниши ҳам бозорларга салбий таъсир кўрсатаётган сабаблардан бири эканлигини қўшимча қилиб ўтди.