Сирдарёда ҳайдовчидан 55 минг сўм пора олган ЙҲХБ ходими озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Сирдарё вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл назорати бўлими катта муҳандиси Баҳром Ҳошимов 50 ёшига қадар бирор марта порахўрликка қўл урмагани айтилмоқда. Шунга қарамай, 2014 йилнинг октябрида у пора олиш устида қўлга олинди.

Сардоба тумани ҳудудидаги Тошкент-Термиз автомобиль йўлида Ҳошимов Сирдарё-Жиззах йўналиши бўйича йўл қоидасини бузиб ҳаракатланаётган автоуловни тўхтатиб, ҳайдовчи Бурхон Толиповдан “айбини ёпиш” учун 55 минг сўм пул тама қилди. Аммо унинг иши воқеа жойида фош қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган Ҳошимовга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.