Британиянинг The Times нашрида келтирилишича, 2050 йилда Россия аҳолиси 2 баробарга камаяди, негаки ичкиликбозлик ва ўз жонига қасд қилишлар туфайли ўлим даражаси ўсмоқда, туғилиш даражаси эса, аксинча, пасаймоқда.

Материалда демография, миграция ва минтақавий ривожланиш институти раҳбари Юрий Крупновнинг сўзларига иқтибос келтирилади. Унинг башоратига кўра, 2050 йилга келиб Россия аҳолиси сони 143.5 млн дан 80 млн га тушиб кетиши мумкин.
Кўплаб сабаблар қаторида минтақаларда даромаднинг пастлиги, келажакка ишончсизлик, ёшларнинг кам қисми оила қураётгани кўрсатилган.

2015 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда ўлим даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5.2 фоизга ўсди. Бу кўтарилиш асосан 30-45 ёшли одамлар орасида ўлим ҳолатларининг кўпайиши билан боғлиқ. Шунингдек, эркакларнинг учдан бир қисми спиртли ичимликлар таъсирида вафот этаётгани айтилди.

Россиялик эркакларнинг ўртача умри 63 ёшни, аёлларнинг ўртача умри эса 75 ёшни ташкил қилади. Жинсларнинг умр кўриши ўртасидаги бундай фарқ фақат Беларусь ва Сурияда кузатилган.