25 август куни Душанбеда Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода раислигида ҳукуматнинг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳукумат матбуот хизматининг маълум қилишича, унда мамлакатда импорт ўрнини босиш масаласи муҳокама қилинган.

Расулзоданинг йиғилиш чоғида таъкидлашича, Тожикистон молиявий ва иқтисодий инқироз шароитида ўз маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида бош қотириши лозим. Мамлакат чет эл молларининг импортига қаттиқ боғланиб қолган, бу ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам дахлдор. Гўшт, дон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар ҳам бошқа давлатлардан олиб кирилади.

Бош вазир масъул шахсларга тегишли кўрсатмалар бериб, белгиланган муддатларда миллий иқтисодиётни ҳимоя қилиш борасида чоралар кўришга чақирди. Хусусан, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни кучайтириш ва маҳаллий товарларни чет элга экспорт қилишни ривожлантириш бўйича доимий комиссия тузиш топширилди.