26 август куни АҚШнинг Виржиния штатида WDBJ7 телеканалининг 2 нафар ходимини жонли эфир вақтида отиб ташлаган бошқа бир журналист Вестер Ли Фланаган ўз жонига қасд қилишдан олдин ўзининг бу қилмиши сабаблари ҳақида ABC News нашрига маълум қилишга улгурган.

Маълум бўлишича, қора танли Фланаган АҚШда ўзига нисбатан доимий равишда ирқчилик муносабатларидан азият чеккан. У WDBJ7 телеканалининг собиқ ходими бўлиб, ўз вақтида ўзи билан ишлаган бошқа ходимлар ҳам унга нисбатан ирқчилик кайфиятида бўлишган.

Бироз олдинроқ, Фланаган ўзини отгач, олган жароҳати туфайли шифохонада жон таслим қилгани маълум қилинганди.
У ўзини отишдан олдин ижтимоий тармоқлар орқали қотилликни амалга ошириш саҳнасини тасвирловчи видеони тарқатган.

Эслатиб ўтамиз, 26 август куни WDBJ7 телеканали мухбири 24 ёшли Элисон Паркер ва шу телеканалда фотомухбир бўлиб ишлаган 27 ёшли Адам Уорд телеканалнинг собиқ ходими Вестер Ли Фланаган томонидан жонли эфир вақтида отиб ташланди.