“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Сенатнинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ёшларни ота-оналар ҳамда кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашда маҳалла ва оиланинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштиришга бағишланган семинар ўтказилди. Унда Сенат ва “Маҳалла” аъзолари, жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари болалар тарбиясига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги, бунда нафақат ота-онанинг, балки маҳалланинг ўрни ҳам муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. Бундан ташқари, болалар тарбияси ўз навбатида келажак авлодни миллий қадриятлар билан таништириш вазифасини бажариши таъкидлаб ўтилди.

Ўз навбатида, компьютер ўйинларининг зиёни ҳақида яна бир бора гапириб ўтилди.
“Афсуски, бугун компьютерда боланинг онги, дунёқарашини ўстирадиган ўйинлар жуда кам. Компьютер қаршисида бола, дейлик, бино, хиёбон, боғ яратишни ўрганса, унинг ҳам онги ривожланади, ҳам мантиқий фикрлашни ўрганади. Зеро, булар замирида ҳурмат, эъзоз тушунчалари мужассам. Нега бугун мутахассисларимиз шу ҳақда бош қотирмайди?”, - деди Олмазор туман Комилжон Ғофуров номли маҳалли раиси Ҳамиджон Мусаев “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида.

“...Биринчи галда оилада отанинг ролини кучайтириш лозим, - қўшимча қилди “Оила” республика илмий-амалий маркази директори Ҳафизахон Мамадалиева. - Негаки ота – оила устуни, бу, айниқса, ўғил бола тарбиясида жуда муҳим. Бироқ ҳозир тарбия аксарият ҳолларда оналар зиммасига тушиб қолмоқда. Ота фақат рўзғор ташвишлари билан овора бўлиб қолиб, фарзанд тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаяпти”.