Бугунги кунда Туркия қуролли кучлари халқаро майдонда “Мамлакатда тинчлик – бутун дунёда тинчлик” шиори остида ҳаракат қилиб, муҳим вазифаларни бажармоқда ва дунёнинг энг кучли армияларидан бири сифатида ном чиқармоқда. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Намиқ Гюнер Эрпул Туркия ғалаба куни ва қуролли кучларининг 93 йиллигига бағишлаб ўтказилган қабул чоғида маълум қилди.

Унинг фикрича, Туркия армияси бугунги кунда минтақадаги ва халқаро майдондаги таҳдидларга қарши турадиган салоҳиятга эга.

“Туркия қуролли кучлари ҳар доим армиямизга қувват бераётган буюк турк халқининг, шунингдек, дўстларимиз ва иттифоқчиларимизнинг ғурури бўлиб қолади”, - таъкидлади элчи.

Маълумот учун, қарийб 600 минг кишилик шахсий таркибга эга Туркия қўшинлари куч жиҳатидан НАТОда АҚШ қуруқлик қўшинларидан кейинги иккинчи ўринда туради. 26-30 август кунлари Думлупинарда ўтган жангда Туркия қўшинлари ҳал қилувчи ғалабани қўлга киритиб, Иккинчи юнон-турк урушида ютиб чиққан. Бу ғалаба Туркия республикасининг ташкил топишида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Шундан буён ушбу сана мамлакатда Ғалаба байрами сифатида нишонланади.