Жанубий Кореянинг Аutotribune сайти ихтиёрида кейинги авлод Hyundai Elantra моделининг жосуслик фотосуратлари пайдо бўлди. Кореяда бу модель Avante AD деб аталади, моделнинг айнан шу кўриниши йиғиш корхонасида суратга олинди.

Янги “Элантра”нинг илк расмий сурати мартда пайдо бўлган эди, августда эса моденинг экстерьери ва салон ичи кўринишлари намойиш этилган.

Янги седан Genesis ва янгиланган i30 ва i40 оилаларининг дизайн элементлари билан таъминланади. Машинанинг интерьеридан 8 дюймли экран ва Infinity аудиотизимидан ташкил топган янги мультимедиа мажмуаси ўрин олади.

Дастлабки маълумотларга кўра, моделнинг Европа ва Жанубий Корея учун чиқариладиган модификациялари 1,7 литрли 141 от кучига (340 Нм) эга дизель двигатель билан жиҳозланади. Шунингдек, моделнинг моторлар гаммасидан 1,4 литрли турбомотор ва 175 от кучига эга 1,6 литрли бензинли двигатель ҳам ўрин олади. Двигатель “механик” ва икки илашишли етти поғонали “робот” шаклидаги узатмалар қутиси билан биргаликда ишлайди.

“Элантра” ноябрь ойида Лос-Анжелесдаги моторшоуда намойиш этилади.