Ҳиндистоннинг diplomasyindia.com ахборот-таҳлил порталида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида эришилаётган муваффақиятлар мавзусига бағишланган мақола чоп этилди.

Мақолада маълум қилинганидек, 1991 йилдан ҳозирги пайтга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 2 баравардан зиёдга ошган. Бу аҳоли жон бошига ҳисоблаганда гўшт истеъмолини 1,3 бараварга, сут ва сут маҳсулотлари истеъмолини - 1,6, картошка истеъмолини - 1,7, сабзавотни - икки баравардан зиёд, мева-чева истеъмолини салкам 4 баравар ошириш имконини берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳозирги пайтда ҳар йили 17 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Аҳоли жон бошига деярли 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич оптимал деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баравар кўп ҳисобланади.

Мақолада Ўзбекистон айни пайтда дунёнинг 80та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот юбораётгани алоҳида таъкидланган.