Россия президенти Владимир Путин Нью-Йоркда сентябрь ойида ўтадиган БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессиясида Россия делегациясига бошчилик қилади. Путиннинг бу ҳақдаги тегишли буйруғи ҳуқуқий ахборотлар расмий порталида чоп этилди.

Ҳужжат билан Путин бошчилигидаги 10 кишидан иборат делегация таркиби тасдиқланди. Делегация таркибига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг ўринбосари Геннадий Гатилов, Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков, Федерация кенгашининг халқаро ишлар бўйича раҳбари Константин Косачев, Давлат думасининг халқаро ишлар бўйича раиси Алексей Пушков, Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин, Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ташкилотлар департаменти раҳбари Александр Панкин ва Қуролларни тарқатмаслик ва назорат қилиш масалалари бўйича департаменти директори Михаил Ульянов кирди.

БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессияси 15 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида очилади. Сессия доирасида 25-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда 2015 йилдан кейинги ривожланиш бўйича резолюцияни қабул қилиш режалаштирилган. Сўнгра умумий музокаралар бошланади ва сессия иши 6 октябрда ўз ниҳоясига етади. Путин Нью-Йоркдан кетгандан кейин Россия делегациясига бошчилик қилиш Лавровга ўтади.