Россияда биринчи яримйилликда санкцион рўйхатдан ўрин олган маҳсулотлар импорти 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 46 фоизга камайди. Россия Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги маълумотига кўра, ушбу маҳсулотларнинг умумий қиймати 6 млрд долларни ташкил этади.

Айниқса, сут маҳсулотлари, биринчи навбатда пишлоқ ва сарёғ, шунингдек, гўшт ва балиқ, олма, нок ҳамда беҳини мамлакатга олиб кириш ҳажми кескин камайди.

Маълумотларга кўра, гўшт импорти 962 млн долларгача қисқарган. 2014 йилнинг шу даврида 1,719 млн долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган эди. Балиқ импорти эса 2014 йилдаги 988 млн ўрнига 447 млн долларгача қисқарган, сут ва қаймоқ импорти 196 млн доллар (343 млн доллар)га камайиб кетди.

2015 йилнинг январь-июнь ойларида Россияга 12 млрд 629,3 млн долларлик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилган бўлиб, 2014 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 20 млрд 512,3 млн долларни ташкил этар эди.
Шу билан бир қаторда, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми 15,8 фоизга қисқаргани қайд этилди.

2015 йилнинг биринчи яримйиллигида буғдой ва ун экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоиз, кунгабоқар ёғи — 11,9 фоиз, балиқ – 9,3 фоиз, алькоголь маҳсулотлари – 41,2 фоизга қисқарган. МДҲ, Осиё ва Шимолий Африка, Европа Иттифоқидаги бир қатор (Нидерландия, Латвия, Германия, Италия, Польша, Литва, Испания, Дания, Бельгия ва бошқалар) мамлакатлари Россияда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий импортчиси ҳисобланади.

Сўнгги вақтларда Хитой ҳам Россиянинг асосий экспортёрлари сафидан ўрин эгалламоқда.