Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат 1 ноябрдаги муддатдан аввалги парламент сайловларигача борадиган муваққат ҳукумат таркибини тасдиқлади. Бу ҳақда Туркия президенти девонхонаси маълум қилди.

Янги Вазирлар маҳкамаси аъзолари рўйхатини Эрдўғанга 25 август куни муваққат ҳукуматни шакллантириш мандатини олган Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу топширди.

Янги ҳукуматда Миллий ҳаракат партияси вакили Туғрул Туркеш бош вазир ўринбосари лавозимини, курдларни ёқловчи кучлар вакиллари Али Ҳайдар Кенжа ва Муслим Доган мос равишда Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазир ва ривожланиш вазири лавозимларини эгаллайдилар.    

Ушбу таркибдаги ҳукумат 1 ноябрда бўлиб ўтадиган муддатдан аввалги сайловларгача фаолият юритади.