Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида янги нашр этилган «Маданият ва санъат атамаларининг изоҳли луғати» тақдимоти бўлди, деб хабар берди УзА.

Кутубхона директори А.Хўжаев, Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти директори Н.Маҳмудов, профессорлар А.Умаров, М.Бекмуродов ва бошқалар мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларнинг теран тафаккурли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етиши, уларга миллий санъатимиз, маданиятимизга оид маълумотларни етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар миллий адабиётимизни янада равнақ топтиришдек эзгу ишлар билан уйғун олиб борилаётганини таъкидлади.

Бу каби луғатларнинг нашр этилаётгани мамлакатимизда истиқлол йилларида ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ижод қилиши учун барча имкониятни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти мутахассислари томонидан тайёрланган ушбу китобда сўзлар, бирикмалар, ўзбек ҳамда жаҳон маданияти ва санъатига оид атамалар изоҳи батафсил берилган. Луғатдан маданият ва санъат соҳаси мутахассисларини тайёрлайдиган барча таълим масканларида фойдаланиш мумкин.