Таиланд пойтахти Бангкок шаҳридаги портлашни содир этиб, йигирма кишининг ўлимига сабаб бўлганликда гумон қилинаётган шахснинг хорижлик экан тасдиқланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Таиланд полицияси матбуот хизматига асосланиб хабар берди.

Полиция вакили гумондор шахснинг айнан қайси мамлакат фуқароси эканига ойдинлик киритмади, бироқ маҳаллий телеканалларда намойиш этилган видеороликларда гумондорни қўлга олиш жараёнида топилган пастпорт 1987 йилда туғилган Туркия фуқаросига тегишли эканини кўриш мумкин.

Шунингдек, полиция расмий маълумотига кўра, гумондор шахснинг тураржойи тинтув қилинганида, портловчи моддалар тайёрлаш ҳақидаги материаллар топилган. Шунингдек, қўлга олинган эркак ҳодиса жойидаги кузатув камералари видеотасмасидаги шахсга ўхшаб кетади.

Эслатиб ўтамиз, портлаш 17 август куни Бангкокнинг савдо-сотиқ ва сайёҳлик марказида содир бўлган эди. Қўлбола радиобошқарувли портловчи модда Хитой, Сингапур ва тайванлик сайёҳлар гавжум бўлган тўрт бошли фил кўринишидаги Эраван илоҳи яқинида ҳаракатга келтирилганди.