Дания шарқидаги муҳожирлар яшаётган Қизил Хоч жамияти биноси эшигига свастика тасвирланган таҳдидона граффити ёзиб кетилди. Бу ҳақда TRTWorld нфшрида хабар берилган.

Бу граффити ёнига Дания миллий-социалистик ҳаракати аббревиатураси туширилган.

Шунингдек, марказга тегишли микроавтобус ҳам ёқиб юборилган.

Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, бундай ҳодиса шу туман ҳудудида учинчи марта содир бўлмоқда. Бундан олдинги воқеалар шу йилнинг 20 мартида ва 31 июль кунларида содир бўлган.

Марказ раҳбарияти бу воқеани муҳожирлар томонига билдирилган навбатдаги огоҳлантириш сифатида қабул қилди. Полиция эса буни ваҳшийлик дея баҳоламоқда.

Маълумот учун, ушбу марказда Дания ҳукуматидан бошпана сўраган 120 нафар киши қўним топган.