АҚШ соҳиллари томон “Эрика” деб номланган тўфон ҳаракатланмоқда. Тўфон 31 август, душанба куни Флорида соҳилларига етиб келади. Шу муносабат билан Флорида штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 

Штат губернатори Рик Скоттнинг буйруғи билан табиий офат билан курашиш учун АҚШ миллий гравдияси тайёргарлик ҳолатига келтирилди. Жойлардаги ҳокимиятларга тўфон гирдобида қолиши мумкин бўлган ҳудудларга қутқарувчиларнинг боришлари учун зарур чораларни кўриш ҳуқуқи берилди.

Қайд этиш жоизки, тўфон 28 август куни Пуэрто-Рикодан ўтди. У ўзи билан бирга рекорд даражадаги ёғингарчилик олиб келди. Маълум қилинишича, мамлакатда ер кўчиши ва қаттиқ шамол туфайли камида 4 киши ҳалок бўлган.

Об-ҳаво мутахассисларининг баҳолашларича, “Эрика” ҳаракати траекторияси штатнинг қоқ ўртасидан ўтади. Айни пайтда метеорологлар тўфон ичидаги шамол соатига 80 км тезлик билан ҳаракатланаётганини қайд қилишди.

“Эрика” халқаро таснифлаш бўйича Флорида соҳилларига етиб келгунига қадар тропик бўронга айланишга улгуради. Тўфон пайтида одамларга шамолдан кўра кўпроқ кучли ёғингарчилик хавф солиши айтилмоқда.

Таъкидланишича, Флорида соҳилларига 10 йилдан бери бундай кучли тўфон келиб урилмаган.