Европадаги энг асосий ва серқатнов йўллардан бири А1 автомагистралида ҳар икки йўналишда ҳам қатновлар тўхтаб қолди. Бунга йўлга яқин ҳудудда жойлашган табордагил лўлилар томонидан 28 август кунидан бошлаб норозилик намойишлари сабаб бўлди.

Le Figaro нашрида бу ҳолат "сюрреалистик манзара" сифатида баҳоланган.

Маълум қилинишича, бу намойишлар 25 август куни номаълум жиноятчи томонидан табордаги 4 кишининг отиб ўлдирилишидан сўнг (қурбонлар орасида ёш бола ҳам бор) бошланган. Намойишчилар ҳалок бўлганлардан бирининг дафн маросимида қатнашиши учун унинг қамоқхонадаги ўғли озод қилинишини талаб қилишмоқда.

Париж шаҳридан тахминан 100 км масофадаги бу ҳудудда лўлилар автомобиллар шиналарини ёқиб, улкан гулхан ҳосил қилишган. Атрофдаги дарахтлар кесилиб, бу гулхан янада алангалатилган. Натижада бу гулхан йўлларни тўсиб қўйган.

Сомма департаменти ҳукумати вазият ўта жиддийлигини тан олган. Тартибни сақлаш кучлари ҳудудни назорат қила олмай қолган. Қатъий чоралар исённинг янада кенгайишига олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда.

Айни вақтда Лилль шаҳрига борувчи йўлда кўпкилометрли тирбандлик ҳосил бўлган. Кичик йўлларда ҳам ҳаракатланиш қийинлашган.

Минглаб сайёҳлар ва дам олишга чиққнлар тунни ўз машиналарида ўтказишга мажбур бўлишган.

29 август куни тонгида ҳукумат вазиятни ўнглаш борасида ижобий силжиш кузатилмаётганини маълум қилган.

Қайд этиш жоизки, бу воқеалар фонида Франция полицияси 28 август куни Ла-Курев шаҳрида жойлашган энг эски лўлилар қароргоҳида тозалаш ўтказганди.