Қорақалпоғистондаги Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи директори Мариника Бабаназарова ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири Баҳодир Аҳмедов номига мурожаатини эълон қилди.

Бабаназарова ўз мурожаатида 21 августдаги нафақага чиқиш ҳақидаги аризасига изоҳ берар экан, унинг босим ва кучли стресс остида ёзилганини таъкидлаб ўтди.

“Мен ҳеч қачон, ҳеч кимдан мансаб талаб қилмаганман, бироқ нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистонда ҳам санъат ривожи учун қўшган ҳиссам учун ҳеч бўлмаганда тузукроқ нафақа тайинланиши фақатгина менинг фикрим эмас”, – дейди Бабаназарова.

“Мендан шунчаки воз кечишди. Жамоанинг бўлиб ўтаётган ҳодисаларига муносабатини кўриб, 24 август куни мен ишдан бўшаш ҳақидаги аризамни қайтариб олдим. Шунингдек, музейнинг бепарво кишилар жавобгарлиги остига тушиб қолаётганини тушуниб етдим. Шу сабабдан жамоанинг менинг қайтишим тўғрисидаги норозилигига қўшилдим”, – дея қўшимча қилди Бабаназарова.

У ўз мурожаати сўнгида 1984 йилда директор сифатида танлаган жамоа ҳамда жамоатчиликнинг музей ХАЛҚ МУЛКИ экани ҳақидаги фикри ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаб ўтди.