Сбербанкнинг Москва жануби-шарқида жойлашган филиалларидан бирига номаълум шахс қурол билан бостириб кирди ва муассаса ходимларидан бирини жароҳатлади. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга асосланган ҳолда "Интерфакс" нашри хабар берган.

Маълум қилинишича, Волгоградск шохкўчаси бўйида жойлашган банкка ҳужум уюштирилган.

Жиноятчи банк ходимини жароҳатлагач, пулларни қопга солган ва воқеа жойидан яширинган. Унинг айнан қанча миқдордаги пулни олиб кетганига аниқлик киритилмаган.

Айни вақтда воқеа жойида полиция текширув ишларини олиб бормоқда.

Жароҳатланган банк ходими шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи ўрта даражадаги оғирликда, деб баҳоланган.