Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан узоқ умр кўрувчилар (100 ёш ва ундан ошганлар) сони бўйича давлатлар ўнлигида учинчи, узоқ умр кўрувчиларнинг умумий миқдори бўйича эса олтинчи ўринни эгаллади. Ушбу рўйхатга Собиқ Иттифоқ мамлакатларидан Россия ва Украина ҳам киритилди.

Украинанинг “ЭлВисти” ахборот маркази мутахассислари сўнгги 20 ой (2014 бошидан буён) ичида электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган 100 ёшдан ошган кишилар ҳақидаги материалларни таҳлил қилиб, ушбу хулосага келишди.

Ушбу давр ичида эълон қилинган 4,5 миллионта материалнинг 450тасида узоқ умр кўриш мавзуси кўтарилган. Улар асосида 100 ёшдан ошган кишилар ҳақидаги кишилар сони аниқланиб, аҳолиси узоқ умр кўрувчи 17 мамлакат рўйхати тузиб чиқилди.

Умумий аҳолисига нисбатан узоқ умр кўрувчилар сони ҳисоблаб чиқилганида, Ўзбекистон Британия ва Япониядан сўнг учинчи ўринни эгаллади. Узоқ умр кўрувчилар сони бўйича эса Япония, Хитой, АҚШ, Британия ва Италия мамлакатларидан сўнг олтинчи ўринда қайд этилди.

Таъкидлаш ўринлики, мазкур рўйхатга асос бўлган мақолаларнинг 152таси Россия, 113таси Украина, 64таси Беларусь Республикаси, 40та Қозоғистон ва 13таси Озорбайжон ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мамлакатимиз электрон оммавий ахборот воситаларида бу борада кўплаб ишлар олиб борилиши зарурлигини кўрсатади.