Ўзбекистонда шиша идиш ва қандиллар ишлаб чиқарадиган янги корхона фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистон 29 Август 2015 5627

“Тошкент Оникс” масъулияти чекланган жамияти шиша идиш ва турли ёритиш приборлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Кундалик ҳаётимизда турли ошхона жиҳозлари, хусусан, идишлардан кенг фойдаланамиз. Чиройли безатилган дастурхон, моҳирона тайёрланган шиша идиш ва буюмлар кайфиятни кўтаради, кўзни қувонтиради. Бугун Ўзбекистон бозорида хилма-хил ошхона идишлари, маиший буюмларни кўриш мумкин. Аксарияти хориждан келтириладиган ушбу маҳсулотларни яқинда мамлакатимизда ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан бу борада амалга оширилган лойиҳага кўра, “Тошкент Оникс” масъулияти чекланган жамияти Марказий Осиёда шиша идишлар ишлаб чиқарадиган ягона йирик корхона бўлади", дейилади УзА хабарида.

Қайд қилинишича, Ўзбекистонда турли ёритиш воситаларига эҳтиёж катта эканига қарамасдан, «Оникс» корхонаси яқин-яқинларгача иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган корхоналардан бири эди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида кўплаб корхоналар, жумладан, “Оникс” очиқ акциядорлик жамиятини молиявий инқироз ва банкротликдан чиқариш бўйича “йўл харитаси” деб аталадиган дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш зарурлигини таъкидлади.

Экспертларнинг фикрича, корхоналарни қайта ташкил этиш уларни молиявий соғломлаштириш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашнинг самарали услубларидан биридир. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришни ташкил этишни такомиллаштириш, корхоналарни модернизация қилиш, маҳсулотлар турини кенгайтириш, ташқи ва ички инвестицияларни жалб қилишни тақозо этади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 апрелдаги «Оникс» очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдонларини молиявий соғломлаштириш ва мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.

Мазкур қарор қабул қилингач, «Оникс» очиқ акциядорлик жамияти базасида янги “Тошкент Оникс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, бу ерда шиша буюмлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясининг инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва маҳаллийлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдурашид Миржалиловнинг айтишича, лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллардан зиёд.
Ишлаб чиқариш икки босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда йилига 20 минг дона буюм ишлаб чиқаришга мўлжалланган электр ёритиш приборлари йиғиш цехи фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилди. Бунинг учун тегишли ускуналар хариб қилиниб, 30 иш ўрни яратилди. Бугунги кунда бу ерда 26 турдаги қандил ва 5 турдаги бра ишлаб чиқарилаётир ва бу корхонага иқтисодий фойда келтирмоқда.

Иккинчи босқич шиша буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этишдан иборат бўлди. Бундай маҳсулот тайёрлаш технологик ускуналари мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаслиги инобатга олинган ҳолда, соҳа мутахассислари томонидан шу хилдаги ускуналар сотиладиган жаҳон бозори ўрганиб чиқилди ва уларни етказиб бериш бўйича танлов эълон қилинди. Танловда Италиянинг “ Stara Glass S.p.A” компанияси ғолиб бўлди.

Бугунги кунда корхонада монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Яқин вақт ичида 16 турдаги шиша буюмлар ва 29 турдаги, жумладан, тарелка, бокал, фужер ва бошқа кўплаб идишлар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошади.

“Тошкент Оникс” масъулияти чекланган жамиятида жаҳон стандартларига мос энг илғор технологик ускуналар ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ва энергия самарадорлиги юқори бўлиб, бу сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Истиқболда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ички бозорни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи босилган юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш имконини берадиган яна бир қанча инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Кун янгиликлари
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 49224 Ўзбекистон
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 102930 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 52879 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9831 Lifestyle
Цукерберглар оиласида иккинчи фарзанд дунёга келди
08:39 217 Жаҳон
АҚШ ИШИДни мағлуб қилгандан кейин Сурияни тарк этишга ваъда берди 
08:05 1423 Жаҳон
Барселонадаги терактга алоқадор бўлган барча террорчилар йўқ қилинди
07:52 1181 Жаҳон
Олий лига. «Локомотив» ғалаба қозонди, «Насаф» «Бунёдкор»га ютқазди
07:43 1126 Спорт
Трампни руҳшунос текширувига юбориш таклиф этилди
07:32 2469 Жаҳон
Яшнободда автомашина эшигини сих орқали очиб, 1500 долларни ўмарган шахс ушланди
02:51 2401 Жамият
Кўпроқ янгиликлар