Самарқанд шаҳрида 28 август куни “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фестивалда сўзлаган нутқларида фестивалнинг очилиши муносабати билан барча иштирокчилар, меҳмонларни муборакбод этиб, уларга ўзларининг самимий табрик сўзларини йўлладилар, деб хабар берди УзА.

Ислом Каримов бу йили “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи марта – ўзига хос юбилей сонда бўлиб ўтаётганини, фестивалга асос солинган 1997 йилдан буён ундаги иштирокчи мамлакатлар жўғрофияси кенгайиб, уларнинг сони икки баробардан зиёд кўпайиб, 31 тадан 66 тага етганининг ўзи кўп нарсадан далолат беришини таъкидлаб ўтдилар.

Юртбошимиз бу йилги мусиқа байрамига Осиё ва Африка, Европа ва Америка қитъаларида, Шарқ ва Ғарб минтақаларида жойлашган ўнлаб давлатлардан ноёб истеъдод соҳиблари, машҳур ижодий гуруҳлар ташриф буюргани ўтган қисқа даврда фестивалнинг довруғи бутун дунёга тараннум этилиб, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора ортиб бораётганидан дарак беришини алоҳида қайд қилдилар.

Президентимиз ўз нутқларининг интиҳосида фестивалнинг барча иштирокчиларига, шу кунларда Самарқандда меҳмон бўлиб турган барчага ўзларининг чуқур ҳурмат ва эҳтиромларини билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, фестиваль ишига эса муваффақият тилаб қолдилар.