Венесуэлада 80 ёшли пенсионер аёл кам таъминланган кишилар учун озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётган дўкон олдида юз берган тиқилинч ва тартибсизлик пайтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Guardian нашрида ёзилган.

Аниқлик киритилишича, бу воқеа мамлакатнинг марҳум президенти Уго Чавеснинг она юрти бўлмиш Сабанета шаҳрида содир бўлган. Охирги вақтларда бу шаҳарда оғғир иқтисодий вазият ҳукм сурмоқда ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келган.

Мухолиф демократлар иттифоқи коалицияси маълумотларига кўра, ушбу тартибсизлик вақтида жами 75 киши жабрланган. Жароҳатланганлар орасида полиция вакиллари ҳам борлиги айтилган.

Давлат магазини қаршисида 5 минг киши иштирокида тартибсизлик юзага келгач, вазиятни назорат қилиши учун полиция ишга солинган, лекин бу қарор акс таъсир кўрсатган. Полиция аҳолини тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.