Хитойнинг Tencent телекоммуникацион компанияси ихтирочилари болалар учун мўлжалланган энг ақлли соатлардан бирини намойиш қилишди.

QQ Watch номли янги соатлар 1,12 дюймли (2,85 см ли) диагонал ва кўрсатиш қобилияти 128 га 128 нуқта бўлган экранга эга. Соатлар IP65 синфидаги чанг ва намдан ҳимояга эга бўлиб, бунинг эвазига уларни бемалол сув билан ювиш мумкин.

Соатлар бола йўқолиб қолган тақдирда унинг жойлашган ўрнини аниқлаш учун ишлатилади. Бола ота-онасига шошилинч хабар юбориши учун SOS тугмаси кўзда тутилган. Боланинг жойлашган ўрнини максимал даражадаги аниқлик билан аниқлаш учун соат GPS, Wi-Fi ва уяли алоқа тармоғидан фойдаланади. Агар боланинг жойлашган ўрнини аниқлаш учун харитадаги нуқта етарлича аниқ бўлмаса, соатда 0,3 Мп ли камера ўрнатилган бўлиб, бола бу камера ёрдамида ота-онасининг смартфонига унинг атрофини ўраб турган жойнинг суратини юбориши мумкин.

Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, соат аккумулятори тўлиқ қувватланганда 5 кун давомида ишлай олади. Қурилманинг нархи ҳозирча маълум қилинмаяпти. Хитойда соатлар октябрдан сотувга чиқарилиши режалаштирилган.