АҚШ Бейсбол бош лигаси (MLB)нинг “Атланта Брейвз” ва “Нью-Йорк Янкиз” жамоалари ўртасидаги учрашув вақтида ишқибозлардан бири “Тернер Филд” ўйингоҳи трибунасидан йиқилиб тушди. Бу ҳақда "TASS" хабар берди.

Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, ишқибоз трибунанинг баланд қаватидан бетон полга қаттиқ урилган. Гувоҳлардан бири унинг маст ҳолда эканини айтган.
Стадиондаги шифокорлар эркак кишига уни замбилда касалхонага олиб кетилгунига қадар сунъий нафас бериб турган.

Бироқ орадан вақт ўтиб, Атланта полицияси ишқибознинг олган жароҳатлари сабабли вафот этганини маълум қилди.

Бу АҚШ бейсбол майдонларида содир бўлган биринчи шу каби ҳодиса эмас. 2011 йилда бейсбол майдонида учиб келаётган коптокни тутмоқчи бўлган бошқа бир мухлис ҳам йиқилиб, жон таслим қилган эди. 2013 йилда эса “Тернер Филд” стадионининг ўзида ишқибозлардан бирининг қулаб тушиб вафот этганини полиция ўз жонига қасд қилиш дея баҳолаган.