БМТ Бош котиби ядровий синовларни тақиқлаш ҳақидаги шартномани имзолашга чақирди

Жаҳон 30 Август 2015 1841

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 29 август – Ядровий синовларга қарши ҳаракатлар халқаро куни Ядровий синовларни ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги келишувни имзоламаган баъзи давлатларни уни имзолашга чақирди.

Пан Ги Мун 29 августдаги мурожаатида “Ядровий синовларни ялпи тақиқлаш ҳақидаги келишув” “ядровий қуролни йўқ қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади” деб, у қабул қилингандан 20 йил ўтиб ҳам ҳали бирор марта ҳам кучга кирмаганини таъкидлаб ўтди.

Шартнома БМТ Бош ассамблеяси резолюцияси билан 1996 йилда қабул қилинган ва АҚШ каби бир қатор давлатлар томонидан имзоланмагани учун ҳали ҳам кучга кирмаган. Барча Европа давлатлари, жумладан Россия, Буюк Британия ва Франция ушбу шартномани ратификация қилганлар.

Шу сабаб Пан Ги Мун “қолган давлатларга, айниқса имзоси зарур бўлган 8 та давлатга мурожаат қилиб, шартнома кучга кириши учун уни имзолаб, ратификация қилишни” сўраб қолди.

Ядровий синовларга қарши ҳаракатлар халқаро куни 29 август куни БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси билан 2009 йилдан бери нишонлаб келинади. 1991 йил 29 августда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг буйруғи билан сайёрамиздаги энг катта ядровий полигон – Семипалатинск синов полигони расман ёпилган эди.

Кўпроқ янгиликлар