Нефть нархининг ҳозирги пасайиши охир-оқибат бутун дунёда глобал иқтисодий ўсишга олиб келади, деб ишонмоқда британиялик иқтисодчи, GaveKal-Dragonomics тадқиқот компаниясининг раҳбари Анатоль Калецкий.

Бунинг исботи сифатида Калецкий ўзининг нуқтаи назаридан нефть нархи икки баробарга камайиб кетган охирги йиллардаги бир неча ҳодисаларни келтириб ўтди: 1982-1983, 1985-1986, 1992-1993, 1997-1998, 2001-2002 йиллар. Калецкий шу билан бирга охирги ярим асрда ҳар бир глобал инқироз олдидан нефть нархининг кескин ошиб кетишига эътиборни қаратмоқда.

“Яқиндагина нефть деярли 3 баробарга, 50 доллардан 140 долларгача ошиб кетган эди ва бу 2008 йилдаги инқирозга олиб келди, сўнгра 2009 йилнинг апрелидан бошланган бевосита иқтисодий ўсишнинг олдидан 6 ой ичида 40 долларга пасайиб кетди”, деб ёзмоқда иқтисодчи.

Мутахассиснинг фикрича, иқтисодий механизм нефть нархи ва жаҳон ўсиши ўртасида тескари муносабатга эга. Дунё ҳар йили 34 млрд баррель нефть ёқиши ҳисобга олинса, нефть нархининг 10 долларга арзонлашиши нефть етказиб берувчилар чўнтагига тушадиган 340 млрд доллар истеъмолчиларнинг ўзида қолишини англатади.
Шу тариқа нефть нархининг ўтган йилдан бери 60 долларга пасайиши нефть истеъмолчиларига 2 трлн доллардан кўпроқ маблағ берди.

“Агар сиз дунё иқтисодиётини тушунишни истасангиз, фонд биржаларини унутинг ва арзон нефть доимо глобал ўсишга кўмак берганига эътиборингизни жамланг”, деб ўз сўзини ниҳояламоқда мутахассис.